Академик Мирзиёд Мирсаидов Гулистон давлат университетида учрашув ўтказди
Бу учрашувда иқтидорли бакалавриат талабалари, магистрлар, докторантлар, Университет ректори проф. М.Т.Ходжиев, илмий ишлар бўйича проректор А. Сулаймонов, факультет деканлари, кафедра мудирлари, университетнинг етакчи профессор ва доцентлари қатнашдилар. Бу учрашувда ТИҚХММИ профессори Т.Мавлонов ҳам қатнашди.
Учрашувни Университет ректори проф. М.Т.Ходжиев кириш сўзи билан очиб, академик М.Мирсаидовга сўз берди.
М.Мирсаидов ўз сўзида юртбошимизнинг фанда эришилган ютуқларнинг амалиётга тадбиқ қилинишига катта эътибор бераётганлигига, юқори натижаларга эришган илмий ходимлар албатта келгусида тақдирланишига ҳозирги кунда Президентимиз томонидан тўла имконият яратилаётганлигини айтиб ўтди.
Ҳурматли Президентимиз илмдаги энг катта илмий натижаларни илмий тадқиқот ва олий ўқув юртларида ишлаётган ёшлардан кутаётганлигини ва бу бажарилаётган илмий ишлар, инновация ғоялари, янги технологиялар ва уларнинг тадбиғи билан якунланиши ҳақида ҳам М.Мирсаидов гапириб ўтди.
Ёшлар ва унивеситет ходимлари М.Мирсаидовга кўп саволлар бердилар.
Бу саволларнинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат бўлди:
Охирги даврларда механика фанида қандай ютуқларга эришилди, сизнинг илмий ишингизнинг моҳияти нимадан иборат, илмий ишларингизнинг физика ва математика фанлари билан қандай боғланган жойлари бор, Ўзбекистонда атом электр станцияси қаерда қурилади, шу станцияни бизда қуриш шартми, институтингизда шўрланишга қарши қандай ишлар олиб борилаяпти, нима учун Сирдарё вилоятида дренаж тизими ишламаяпти, энергия олиш учун шамолдан фойдалансак бўлмайдими, сув танқислиги муаммоси бизнинг давлатимизда ечилиши учун қандай ишлар олиб борилаяпти деган саволлар билан бирга бошқа физикага, математикага, энергетикага тегишли бир қанча саволарни бердилар.
Сизни Президентимиз академик қилиб сайлади, сиз бу ютуқларга қандай эришганлигингиз ҳақида гапириб берсангиз деган ва бошқа бир қанча шунга ўхшаш саволлар хам берилди.
Берилган барча саволларга М.Мирсаидов тўлиқ жавоб қайтаришга ҳаракат қилди.
Шу билан бирга М.Мирсаидов ўз сўзида илмда юқори натижаларга эришиш учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари ва ҳар томонлама етук мутахассис бўлиш учун эса чет тилларини яхши билиши ва китобларни кўп ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади.
М.Мирсаидов келажакда давлатимиз томонидан қўйилаётган долзарб муаммоларни ечиш учун бу университетда етарли шароит борлигини, бу университитет билан ЎзР ФА ва ТИҚХММИ ўртасидаги интеграцияни ривожлантириш кераклигини айтиб ўтди.
Бу суҳбатлардан кейин ёшларда ишонч ва кўтаринки руҳ пайдо бўлганлигини университет ректори проф. М.Т.Ходжиев ўз сўзида айтиб, Президентимиз ишончининг университитетимиз ёшлари томонидан албатта оқланишига ишонч билдирди. Шу билан бирга, проф. М.Т.Ходжиев ўз сўзида институтнинг илмий салоҳиятини янада кўтариш мақсадида, ёш олий малакали кадрларни таёрлашда ТИҚХММИ профессорлари бу университетга келиб маърузалар ўқиса ва соҳалари яқин бўлган йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлашда иштирок этишса жуда улуғ иш бўларди деб фикр билдирди.
Бу фикрни профессорлар М.Мирсаидов ва Т.Мавлонов қўллаб-қувватлаб, келгусида қилинадиган ишларга омад тилаган ҳолда ўзининг қимматли маслаҳатларини беришди.
Университет ректори Ходжиев М.Т., институт ходимлари ва иқтидорли ёшлари илм-фанга катта эътибор қаратаётганлиги учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдиришдилар.
Хайрлашув олдидан эсдалик учун учрашувда қатнашган барча ёшлар ва Гулистон давлат университети ходимлари билан расмга тушилди.
Учрашув тугагандан кейин ҳам иқтидорли талаба ва магистрларнинг М.Мирсаидовга саволлари ҳеч тугамади.
Бу университетда ўқув ишларига, илм – фанга эътибор берилиши билан бирга, ободонлаштириш ишлари ҳам жуда юқори даражада амалга оширилган экан. Университетга борган ҳар бир меҳмон бу ишларни кўриб, бу даргоҳдан жуда хурсанд бўлиб қайтишига ишонч ҳосил қилдик. Биз ҳам худди шундай хуш кайфият билан хайирлашиб, бу олиб борилаётган ишлар учун университет ректори проф. М.Т.Ходжиевга рахматлар айтиб қайтдик.
ЎМБ Ходжаев Д.